Туманларда аҳолининг судга доир мурожаатлари ўрганилмоқда










Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.
Хоразм вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан фуқароларнинг судга доир мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Хонқа туманидаги «Эзгулик» маҳалласи ҳамда Хива туманида ўтказилди.
Суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатлари мавжуд бўлган фуқаролар вилоят судлари раислари ва судьялар томонидан қабул қилиниб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хонқа туманидаги қабул жараёнида мурожаатларнинг асосий қисми оилавий низоларни суд тартибида ҳал этиш масаласида бўлди. Хусусан, никоҳдан ажрашмоқчи бўлган ёш оилаларга туман ҳокмилги масъул ходими билан биргаликда оилани сақлаб қолиш ва ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан амалий ёрдам берилди.
Хива туманидаги қабулларда эса 3 та ариза ижобий ҳал этилиб, маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, судда кўрилиш лозим бўлган ишлар бўйича фуқароларга судга даъво ариза киритиш тартиби тушунтирилди.
Жараёнларда ҳеч кимнинг масаласи эътибордан четда қолмади. Қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.






