Хоразм вилоят судлари томонидан уч ойда 3 нафар фуқаро оқланди

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида брифинг ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарларии Улуғбек Бакдурдиев,  Атабек Маткаримов, Илёс Тешаев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султоновалар йўналишлар бўйича ахборот беришди.

2022 йилнинг ўтган уч ойида вилоят судларида жами 1 минг 411  та жиноят, 4 минг 520 та  фуқаролик, 1 минг 298 та иқтисодий, 332 та маъмурий ва 5 минг 372 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 33 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 194 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 3 нафар фуқаро оқланган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 142 та ёки 34,5 % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич фуқаролик ишлари бўйича судларда 1 минг 524 та яъни 27,7 %ни, иқтисодий ишлар бўйича судларда  492 та, яъни 37,9 % ни ташкил этган.

Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 135 таси ёки  40,7 %и сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 171 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 99 таси қаноатлантирилган.

Вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан ўтган уч ой ҳолатига тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 258 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 20,3 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

Алоҳида тўҳталиб ўтиш лозим, кўриб тамомланган жиноят ишлардан 66 нафарини ёки 12,2 фоизини аёллар, 13 нафарини ёки 2,4 фоизини вояга етмаганлар, 24 нафарини ёки 4,4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича судларда одам савдоси бўйича 3 та, коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича 53 та иш кўрилиб, айбдорларга тегишли жазолар тайинланган.