Янгибозорда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди

Хоразм вилоятида фуқароларнинг мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режага асосан Янгибозор туманида навбатдаги оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоят суди раиси Ш. Камолов ва вилоят маъмурий суди раиси Ж. Султановалар иштирок этишиб, аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитишди. Шу ернинг ўзида мурожаатчиларга масалаларининг ечими бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Фуқароларнинг мурожаати асосан, апелляция шикоятини бериш, оилавий ва мулкий низолар каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби тушунтирилди. Сайёр қабуллар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Асосийси, ҳар бир фуқаро ўз мурожаати қайси органга тегишли эканлиги ва уни қандай тартибда ҳал қилиш кераклигини билиб олишди.