Бўлажак юристлар билан очиқ мулоқот








Суд тизимида малакали кадрлар захирасини яратиш бугунги куннинг устувор вазифасидир. Хусусан, судьялик лавозими учун белгиланган 35 ёшлик мезонни инобатга олсак, кадрларни талабалик давриданоқ тизимга мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, Хоразм вилоят судлари Урганч давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабаларни ёш кадрлар сифатида тайёрлаб бормоқда.
Маълумки, суд ходими учун билим ва кўникмадан ташқари, юксак муомала маданияти, ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат энг асосий фазилатлар ҳисобланади. Бу кўникма ва талаблар эса 2024 йилда ташкил этилиб, талабаларни касбга тайёрлашнинг самарали механизмига айланаётган «Бўлажак суд ходимлари» клубида ўргатилмоқда.
Университетда ташкил этилган навбатдаги учрашувда вилоят судининг кадрлар бўлими бош консультанти С.Салаев ва малака ҳайъати котиби Р.Умаров ҳамда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Б.Солоев ва судья катта ёрдамчиси О.Мадрахимовлар томонидан талабаларга “Бўлажак суд ходимлари” клубининг бугунги фаолияти ва унга аъзо бўлиш тартиби, суд тизимига ишга киришда ходимларга қўйиладиган талаблар тўлиқ тушунтирилди.
Шунингдек, мулоқотларда жамиятда долзарб ҳисобланган ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталинди. Талабалар гиёҳвандлик, диний экстримизм ва коррупцияга оид жиноятлар домига тушиб қолмаслиглари тушунтирилди.






