Qidiruv:

Тошкентда 10-март – Халқаро аёл судялар кунига бағишланган тантанали учрашув бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон аёл судялари ассотсиатсияси ташкил этилди ва мен ушбу воқеа муносабати билан барчамизни самимий қутлайман.

Президентимиз томонидан хотин-қизлар ва болаларни зўравонлик ҳамда тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим фармон қабул қилинди. Бу – инсон тақдирини барбод қилиб, жиноятини “анъана” ниқоби остига яширишга, мавқеи ёки мансаби билан хаспўшлашга уринаётган кимсаларга қарши муросасиз қадамдир. Бу борада судялар ҳал қилувчи ўринга эга: қонун шундай ишлаши керакки, жиноятчи учун баҳона ҳам, “туйнук” ҳам қолмасин.

Бунга эришиш учун судялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва терговга қадар текширув органлари фаолиятининг самарадорлиги, масъулияти янада оширилади ҳамда зўравонликнинг ҳар қандай ҳолатига реал ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Биринчи бор айнан ушбу халқаро сана муносабати билан аёл судяларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Мен буни қатъияти ва ҳалоллиги билан одил судловни амалга ошираётган инсонларга бўлган юксак ҳурмат ифодаси, деб биламан. Зўравонлик атрофдагилар сукути ва мазлумларнинг қўрқуви ортига асло яширина олмаслиги керак. Биз ана шундай муҳитни барпо этишни мақсад қилганмиз.

Туманларда аҳолининг судга доир мурожаатлари ўрганилмоқда

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.

Хоразм вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан фуқароларнинг судга доир мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Хонқа туманидаги «Эзгулик» маҳалласи ҳамда Хива туманида ўтказилди.

Суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатлари мавжуд бўлган фуқаролар вилоят судлари раислари ва судьялар томонидан қабул қилиниб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хонқа туманидаги қабул жараёнида мурожаатларнинг асосий қисми оилавий низоларни суд тартибида ҳал этиш масаласида бўлди. Хусусан, никоҳдан ажрашмоқчи бўлган ёш оилаларга туман ҳокмилги масъул ходими билан биргаликда оилани сақлаб қолиш ва ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан амалий ёрдам берилди.

Хива туманидаги қабулларда эса 3 та ариза ижобий ҳал этилиб, маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, судда кўрилиш лозим бўлган ишлар бўйича фуқароларга судга даъво ариза киритиш тартиби тушунтирилди.

Жараёнларда ҳеч кимнинг масаласи эътибордан четда қолмади. Қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.

Бўлажак юристлар билан очиқ мулоқот

Суд тизимида малакали кадрлар захирасини яратиш бугунги куннинг устувор вазифасидир. Хусусан, судьялик лавозими учун белгиланган 35 ёшлик мезонни инобатга олсак, кадрларни талабалик давриданоқ тизимга мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, Хоразм вилоят судлари Урганч давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабаларни ёш кадрлар сифатида тайёрлаб бормоқда.

 Маълумки, суд ходими учун билим ва кўникмадан ташқари, юксак муомала маданияти, ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат энг асосий фазилатлар ҳисобланади. Бу кўникма ва талаблар эса 2024 йилда ташкил этилиб, талабаларни касбга тайёрлашнинг самарали механизмига айланаётган «Бўлажак суд ходимлари» клубида ўргатилмоқда.

Университетда ташкил этилган навбатдаги учрашувда вилоят судининг кадрлар бўлими бош консультанти С.Салаев ва малака ҳайъати котиби Р.Умаров ҳамда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Б.Солоев ва судья катта ёрдамчиси О.Мадрахимовлар томонидан талабаларга “Бўлажак суд ходимлари” клубининг бугунги фаолияти ва унга аъзо бўлиш тартиби, суд тизимига ишга киришда ходимларга қўйиладиган талаблар тўлиқ тушунтирилди.

Шунингдек, мулоқотларда  жамиятда долзарб ҳисобланган ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталинди. Талабалар гиёҳвандлик, диний экстримизм ва коррупцияга оид жиноятлар домига тушиб қолмаслиглари тушунтирилди.

ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР

Тил бу-миллатларни бир-биридан ажратиб турувчи асосий белгиларидан биридир. Ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.

1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига — Давлат тили мақоми берилди. Шунингдек, 2020 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонунга асосан, 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланган. Ушбу сана муносабати билан вилоят маъмурий судида судья ва ходимлар ҳамда Урганч давлат университетининг доценти Сарварбек Рўзимбоев иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда ўзбек тилининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи, давлат тили мақоми берилишидаги мураккабликлар ва бугунги кунда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирилди. Маълумки, ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, ўша халқнинг она тилида акс этади. Бежиз тилни миллатнинг маънавий иммунитети деб баҳоламаганлар. Боиси, ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.

Янгибозорда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди

Хоразм вилоятида фуқароларнинг мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режага асосан Янгибозор туманида навбатдаги оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоят суди раиси Ш. Камолов ва вилоят маъмурий суди раиси Ж. Султановалар иштирок этишиб, аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитишди. Шу ернинг ўзида мурожаатчиларга масалаларининг ечими бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Фуқароларнинг мурожаати асосан, апелляция шикоятини бериш, оилавий ва мулкий низолар каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби тушунтирилди. Сайёр қабуллар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Асосийси, ҳар бир фуқаро ўз мурожаати қайси органга тегишли эканлиги ва уни қандай тартибда ҳал қилиш кераклигини билиб олишди.

Судьялар чекка маҳаллаларда ҳам аҳоли билан мулоқот ўтказишмоқда

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида вилоят маъмурий судининг судьяси Д.Юсупов ва Урганч туманлараро маъмурий суди судьяси И. Шомуротовлар Янгиариқ туманининг “Янгиер” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида ўтган мулоқотларда асосий мавзу жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби ҳамда “Манфаатлар тўқнашув тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш бўлди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлари ҳам маърузачилар эътиборидан четда қолмади. Мулоқотларда фуқаро ва кадастр органлари ўртасидаги низоларнинг судда кўриш таҳлили ва бу тоифадаги низоларнинг олдини олиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилиб, иштирокчиларнинг мазкур йўналишдаги фикр-мулоҳазалари эшитилди. Учрашув давомида иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида Хоразм вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Тадбир давомида 46 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 16 таси жиноят, 18 таси фуқаролик, 6 таси иқтисодий ҳамда 6 таси маъмурий судловга оид мурожаатларни ташкил этди. Шундан 28 та оғзаки мурожаат ва 18 та ёзма ариза қабул қилинди. 28 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 18 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Шу куни тақдимнома ва илтимосномалар асосида жазо ўтаётган 6 нафар шахс жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан 1 нафар фуқаронинг мурожаати асосида Жиноят кодексининг 122-моддаси билан боғлиқ иши кўрилиб, алимент пуллари тўлиқ ундириб берилди ва тарафлар яраштирилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан юридик фактни тасдиқлаш ҳақидаги 4 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган беш нафар вояга етмаган фарзанди бўлган икки оила яраштирилди. Сайёр қабулда мурожаатлари ечим топган 7 нафар фуқаро Хоразм вилоят судлари фаолияти юзасидан Олий суд раиси номига ёзма ташаккурнома билдирди.

Мустақиллик байрами арафасида судья ва суд ходимлари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари иштирок этган тадбирда Олий суд раиси Б.Исламов барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этиб, суд тизимида “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилганини эътироф этди. Шундан сўнг Республика бўйича бир гуруҳ суд фахрийлари, судья ва ходимлар мазкур кўкрак нишони билан тақдирландилар. Қувонарлиси, бундай юксак мукофотга Хоразмдан суд фахрийси Қадам Каримов, вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султановалар лойиқ деб топилдилар. Мукофотланганларга кўкрак нишонлари вилоят суди раиси томонидан топширилди. Шунингдек, тадбирда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Бобур Солаев Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси Мурод Ҳасановнинг ва фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси Дилшод Ҳасановнинг ота-оналарига Судьялар олий кенгашининг ташаккурномаси эълон қилинди. Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят суди раиси Ш.Камолов сўзга чиқиб, барча судья ва ходимларни мустақиллик байрами билан муборакбод этди. Шундан сўнг, вилоят суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ судьялар ва суд тизими ходимларини рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра одил судлов фаолиятини амалга оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали фаолияти учун судья ва ходимлар вилоят суди раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Умумхалқ хайрия ҳашарида маъмурий суд жамоаси ҳам фаол иштирок этди

Хоразм вилоят маъмурий суди ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судида ҳам “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Унда судья ва суд ходимлари биргаликда озодалик ва ҳудудни тозалаш тадбирларида иштирок этиб, юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшишди. Суд биносини ва теварак-атрофни тозалаш, дарахтларга шакл бериш ва ободонлаштириш каби вазифалар бажарилди. Ҳашар-халқимизнинг энг хайрли ва эзгу амалларидан бири саналади. Суд жамоасининг ҳар бир аъзоси ушбу ҳашарда фаол иштирок этиб, ситқидилдан меҳнат қилишди.

ТЕРГОВЧИЛАР УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Хоразм вилоят суди, вилоят ИИБ ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида терговчилар билан “Дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олиш” мавзусида семинар ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари У.Бакдурдиев ва вилоят суди судьялари М.Маҳмудов, М.Самандаров ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари Э.Солиев, вилоят прокуратураси бўлим прокурори Ш.Шомуродовлар маъруза қилиб, жорий йилнинг ўтган 6 ойида дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар таҳлилига тўхталишди.

Мулоқотларда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари эшитилди. Шунингдек, судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Skip to content