ҚАЛБАКИ ПУЛГА ҚИЛИНГАН ХАРИД ЎХШАМАДИ

Тарихга назар солсак пул бирлиги яратилган пайтданоқ қалбаки пулларни ясаш ҳам бошланган. Ҳозирги даврда ҳам дунёда қалбаки пуллар ясаш ва муомалага киритиш жинояти тўхтамаган. Шу сабабли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши жиддий кураш олиб борилади. Кимлардир бу ишни қизиқишдан қилса, яна кимлардир аниқ мақсадда яъни осон пул топиб, тезроқ бойиб кетиш илинжида қилади. Гурланлик Икром Қўлдашев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам А4 форматидаги қоғозга бир неча сониялар ичида чоп этилаётган тайёр пулларга аввал қизиқиш билан қараб, кейин эса фойдаланишни мақсад қилди.

“Қаҳрамонимиз” муқаддам содир қилган жиноятлари учун бир неча бор суднинг қора курсисига ўтирган бўлсада, ўзи учун тўғри хулоса чиқара олмабди. Сабаби навбатдаги жиноятини айнан, олдинги жинояти учун тайинланган жазони ўтаётган вақтида қилди.

Хуллас воқеа бундай бўлган, 2021 йил 30 ноябрь куни Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” АЖда якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи Зайнаб Каримованинг дўконига савдо қилиш учун нотаниш эр-хотин келиб оёқ кийими кўришган ва И.Қўлдашев турмуш ўртоғига ёнидаги долларини сўмга алмаштириб келаман деб чиқиб кетиб, орадан 5-10 дақиқалар ўтиб қайтиб келган, улар дўкондан савдо қилиб бўлгач И.Қўлдашев ёнидан 10.000 сўмлик ва 1.000 сўмлик купюрадаги пуллардан жами 3.600.000 сўмни сотувчига берган.

Харидор эр-хотин сотиб олган нарсаларни олиб чиқиб кетишганидан сўнг, сотувчи аёлда пулларнинг ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилади ва дарҳол ҳали дўкондан узоқлашишга улгурмаган эр-хотиннинг орқасидан бориб “Қалбаки пулларни берибсиз” – деб айтади ҳамда бу ҳақида туман ИИБ ходимларига хабар беради.

Суд жараёнида, И.Қўлдашев 2021 йил сентябрь ойида ўзининг яшаш уйида шунчаки қизиқиш билан ўзига тегишли бўлган рангли принтерда 1.000 сўмлик, 2.000 сўмлик ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулларни оддий оқ қоғозга нусхалаб олганлигини, ушбу пуллар чиройли бўлиб нусхаланганлигини, шундан кейин у 1.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 1425 дона, 2.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 69 дона ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 403 дона нусхалаб, кейин уларни пул шаклида кесиб чиққанлигини, шунда унинг ясаган қалбаки пуллари жами 5.593.000 сўмни ташкил қилганлигини билдирди.

Шунингдек, айбланувчи олдин ушбу пуллардан фойдаланиш мақсади бўлмаганлигини, қалбаки пулларни ёлғиз ўзи ясагани ва турмуш ўртоғининг хабари йўқлигини, кейинчалик пулдан қийналганлиги сабабли фойдаланганини айтди ҳамда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонда эканлигини билдирди.

Албатта, бирорта жиноят жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Икром Қўлдашевга 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ҳикмат Саидов,
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг раиси