ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР
Тил бу-миллатларни бир-биридан ажратиб турувчи асосий белгиларидан биридир. Ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.
1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига — Давлат тили мақоми берилди. Шунингдек, 2020 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонунга асосан, 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланган. Ушбу сана муносабати билан вилоят маъмурий судида судья ва ходимлар ҳамда Урганч давлат университетининг доценти Сарварбек Рўзимбоев иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда ўзбек тилининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи, давлат тили мақоми берилишидаги мураккабликлар ва бугунги кунда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирилди. Маълумки, ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, ўша халқнинг она тилида акс этади. Бежиз тилни миллатнинг маънавий иммунитети деб баҳоламаганлар. Боиси, ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.