Мустақиллик байрами арафасида судья ва суд ходимлари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари иштирок этган тадбирда Олий суд раиси Б.Исламов барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этиб, суд тизимида “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилганини эътироф этди. Шундан сўнг Республика бўйича бир гуруҳ суд фахрийлари, судья ва ходимлар мазкур кўкрак нишони билан тақдирландилар. Қувонарлиси, бундай юксак мукофотга Хоразмдан суд фахрийси Қадам Каримов, вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султановалар лойиқ деб топилдилар. Мукофотланганларга кўкрак нишонлари вилоят суди раиси томонидан топширилди. Шунингдек, тадбирда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Бобур Солаев Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси Мурод Ҳасановнинг ва фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси Дилшод Ҳасановнинг ота-оналарига Судьялар олий кенгашининг ташаккурномаси эълон қилинди. Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят суди раиси Ш.Камолов сўзга чиқиб, барча судья ва ходимларни мустақиллик байрами билан муборакбод этди. Шундан сўнг, вилоят суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ судьялар ва суд тизими ходимларини рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра одил судлов фаолиятини амалга оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали фаолияти учун судья ва ходимлар вилоят суди раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.