Судьялар чекка маҳаллаларда ҳам аҳоли билан мулоқот ўтказишмоқда

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида вилоят маъмурий судининг судьяси Д.Юсупов ва Урганч туманлараро маъмурий суди судьяси И. Шомуротовлар Янгиариқ туманининг “Янгиер” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида ўтган мулоқотларда асосий мавзу жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби ҳамда “Манфаатлар тўқнашув тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш бўлди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлари ҳам маърузачилар эътиборидан четда қолмади. Мулоқотларда фуқаро ва кадастр органлари ўртасидаги низоларнинг судда кўриш таҳлили ва бу тоифадаги низоларнинг олдини олиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилиб, иштирокчиларнинг мазкур йўналишдаги фикр-мулоҳазалари эшитилди. Учрашув давомида иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.