ҲИМОЯ ОРДЕРИНИ МЕНСИМАСЛИК ОҚИБАТИ

Юртимизда аёлларга яратилаётган имкониятлар, гендер тенглиги масаласида эришилаётган ютуқларни юқори баҳоласак арзийди. Аммо хотин-қизларнинг аввало ожиза эканлигини унутмаслигимиз лозим. Нозик ҳилқат вакиллари ҳар доим оиласи, яқинларининг ҳимоясига муҳтож бўлади. Афсуски баъзида ўзин эр биладиган эркаклар оиласидаги аёлларни ҳимоя қилиш ўрнига, ўзи бош бўлиб ҳақоратлаш ва хаттоки калтаклашгача боришмоқда.
Хива туманида яшовчи вояга етмаган Нафосат Қодирова(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг туман ИИБ томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун бериладиган ХV 0001175-сонли ҳимоя ордери бўлишига қарамай ичкиликни касб қилган отаси ва амакиси унга руҳий зўравонлик ўтказишда давом этган.
Жабрланувчи судга мурожаат қилиб, отаси унга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар қилишни, ҳақоратлашни давом эттираётганини ва амакиси жанжал кўтариб, ўлдиришини айтиб таҳдид қилганлигини маълум қилди. Албатта, ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган аёл бу каби ҳолатга жим қараб туролмайди.
Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида томонилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаси эшитилиб қарор қабул қилинди. Унга кўра Ш. Қодиров ва Ж. Қодировларнинг тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармасликда ифодаланган ҳуқуқбузарлиги суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2061-моддаси билан тўғри малакаланган деб ҳисобланди.
Суд айбланувчиларнинг оилавий, моддий аҳволини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 309, 310, 311-моддаларини қўллаб, МЖтКнинг 2061-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди.
Ш. Қодиров ва Ж. Қодировга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи қийматида қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.
Дилдора Пўлатова,
жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси