Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди(2017 йил 3 январь, ЎРҚ-419-сон).

Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ҳар йили бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб келмоқда.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди ва ушбу дастурда амалга ошириладиган чора тадбирлар, уларнинг амалга ошириш механизми ва масъул ижрочилар белгилаб берилди.

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Фармоннинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак,муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш белгилаб қўйилганини кўришимиз мумкин.

Биринчидан, фармонда 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тўлдирилди.

Иккинчидан, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно), ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, «Темурбеклар мактаблари» ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари, олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари, умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш, чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш жараёнларни интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этилди.

Бундан ташқари, фармонда ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиши ва ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб бориш белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.

М.Бобоназаров Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси