“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ислоҳотлар сари дадил қўйилган қадам

Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, стратегияни ишлаб чиқишда янги таҳрирдаги Конституциямиз асос вазифасини бажарди. Айнан янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари фаолиятининг асосий мезони бу – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари экани кўрсатилган. 

Эътиборли жиҳати, эндиликда давлат бошқаруви рақамли ҳукумат тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Бевосита бу система қуйидан бошлаб юқорига қараб амалга оширилади. Қуйи деганим, маҳаллаларда электрон давлат нуқталарини шакллантириб бориш назарда тутилмоқда. Чунки маҳалла фуқаролар учун энг яқин нуқта ва бу ерда ўша айтилаётган хизматлар амалга оширилади. Биламизки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимлар Халқ депутатлари Кенгашига раислик қилмаслиги ҳақида алоҳида норма белгиланди ва мана шу норманинг амалдаги ижросини таъминлаш учун ҳам мазкур стратегияда аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги яна бир асосий мавзулардан бири бу суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларини бевосита 3 та йўналишга бўлиш мумкин.

Биринчиси, суд-ҳуқуқ системасини рақамлаштириш йўналиши. Бу ерда биринчи навбатда фуқаролар судларга мурожаат қилган пайтда ҳар бир босқичнинг рақамлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва фуқаролар суд билан тезкор боғланишини таъминлаш учун ҳам бу йўналиш муҳим ҳисобланади. Масалан, фуқарога жиноий иш қўзғатилган пайтда судлардаги жараённи кузатишга ва мавжуд вазият билан танишишга эҳтиёж бор эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, суд жараёнини тўлиқ электронлаштириш ва вазиятни доимий кузатиб туриш тизими шаклланади.

Иккинчи йўналиш сифатида коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 2030 йилга қадар бутун қонунчилик коррупциядан ҳоли бўлади. Бу ҳам давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Дейлик, давлат харидлари билан боғлиқ соҳаларда ёки манфаатлар тўқнашуви муносабатларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳани ҳам рақамлаштириш асосий мақсад сифатида қаралмоқда.

Учинчи йўналиш сифатида Конституцияда белгиланган актлар, “Миранда қоидаси” каби нормаларни амалдаги қонунчиликка сингдиришни ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида қарашимиз мумкин. Умуман олганда, бу йўналишлардан асосий мақсад, судларни, умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халққа янада яқинлаштириш, халқ билан ўзаро узвий боғлиқликни шакллантириш ҳисобланади.

– Аслида бу жараённи табиий қабул қилиш керак. Сабаби ҳар қандай ривожланган мамлакатларда ҳам бу нормал ҳолат сифатида қаралади. Дунё сиёсий тажрибаларидан қарасак, кўпгина давлатларда қонун ҳужжатларини билмаслик, ҳуқуқий онг ривожланмаганлик ҳолатлари учраб туради. Президентимиз ҳам кўпгина чиқишларида кўпроқ бу юк давлат органларида бўлиши керак деб таъкидлаб келади. Сабаби давлат органлари очиқ ва шаффоф бўлса ижтимоий норозиликлар камаяди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари асосий ўринда эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Масалан, “Снос” муаммоси фуқароларимизни анча оворагарчиликларга сабабчи қилган эди. Эътиборли жиҳати, мана шу нарса Конституция даражасигача олиб чиқилди. Эндиликда уй-жойи суд қарорисиз олиб қўйилмаслигини фуқароларимиз тушуниб етмоқда.

Ҳуқуқий онгни ривожлантиришда биринчи навбатда давлат органларидан фаоллик талаб этилади, ва, ўз навбатида, фуқаролар ҳам маълум масалада ҳуқуқий муносабатга киришганда ички ҳиссиётга берилмаслиги керак деб ўйлайман. Чунки ҳуқуқий муносабатларда ҳиссиётларга ўрин йўқ. Бу жараёнда уларнинг қонунчилик доирасида муносабатга киришгани мақсадга мувофиқ. Мавжуд қонунчиликлардан хабари бор одам, албатта,  ўз ҳуқуқининг таъминланишига эришади.

Х.Раҳимов Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси