Судда тадбиркорлар учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
Фуқароларни судлар фаолияти билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида вилоят маъмурий суди ва урганч туманлараро маъмурий судларида тадбиркорлар учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда иштирокчилар суди биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Кейин эса судьялар ва тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда маърузачилар маъмурий судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда жори йилнинг ўтган 6 ойида вилоят маъмурий судида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.
Мулоқотларда судьялар томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва унга мувофиқ жорий этилаётган янгиликлар бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.