Шовот туманида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан тадбиркорларни яқиндан таништириш мақсадида Шовот туманида вилоят маъмурий суди томонидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда вилоят маъмурий судининг раиси Ж.Султанова, Урганч туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Кушиев, туман ҳокими ва прокурори ҳамда бошқа туман миқёсидаги тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, тадбиркорларнинг мурожаатларини эшитишди.

Очиқ мулоқотда судьялар бугун долзарб ҳисобланган масалаларга ҳам тўхталиб, қонунчилигимизда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ёки мулкдорлар ҳуқуқини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг қатъий жавобгарлиги белгилаб қўйилганлиги ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, иштирокчиларга маъмурий судларда кўриладиган ишлар тоифаси, даъво ариза бериш муддати ва тадбиркорлар қайси ҳуқуқлари бузилса маъмурий судга мурожаат қилиши мумкинлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шу ернинг ўзида тадбирколарнинг судга доир ва бошқа масалалари ҳам ўрганилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.