Хоразм вилоят маъмурий суди ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судида ҳам “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Унда судья ва суд ходимлари биргаликда озодалик ва ҳудудни тозалаш тадбирларида иштирок этиб, юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшишди. Суд биносини ва теварак-атрофни тозалаш, дарахтларга шакл бериш ва ободонлаштириш каби вазифалар бажарилди. Ҳашар-халқимизнинг энг хайрли ва эзгу амалларидан бири саналади. Суд жамоасининг ҳар бир аъзоси ушбу ҳашарда фаол иштирок этиб, ситқидилдан меҳнат қилишди.
Хоразм вилоят суди, вилоят ИИБ ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида терговчилар билан “Дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олиш” мавзусида семинар ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари У.Бакдурдиев ва вилоят суди судьялари М.Маҳмудов, М.Самандаров ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари Э.Солиев, вилоят прокуратураси бўлим прокурори Ш.Шомуродовлар маъруза қилиб, жорий йилнинг ўтган 6 ойида дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар таҳлилига тўхталишди.
Мулоқотларда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари эшитилди. Шунингдек, судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтириш берилди.
Хоразм вилоят маъмурий судида мажбурий ижро бюросининг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди. Унда асосий масала суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўлди. Семинарда вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султанова “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, суд қарорларини вақтида ижро этмаганлик учун жавобгарлик борлигини тушунтирди.
Мулоқотларда ижрога юборилган суд ҳужжатларининг МИБ туман бўлимлари томонидан қайтарилиш сабаблари ва электрон база бўйича айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилди. Урганч туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Кушиев ўз маърузасида биринчи инстанция судида 2023 йилнинг 6 ойида Мажбурий ижро бюроси қарор ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича кўрилган оммавий низолар жами 39 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилнинг 6 ойида бу кўрсатгич 43 тани ташкил қилганлиги ҳамда судларда бу тоифадаги аризалар сони кўпайганлигини айтиб ўтди. Якунда ижро самарадорлигини ошириш, иш сифатини яхшилаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда суд қарорлари ижросининг вақтида таъминланишига тўсқинлик қилаётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этишга келишиб олинди.
Хоразм вилоят судида “Уч авлод учрашуви” тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, эл ардоғидаги нуронийларни судьялар ва ёш ходимлар даврасига тез-тез таклиф этилиши яхши анъанага айланди. Сабаби, бундай учрашувлар ёш ходимларни тафаккур қилишга, судьяларни устозлардан касбида асқотадиган ўгитларни олишга ундайди. Вилоят суди ва видеоконференцалоқа тизими орқали туман(шаҳар) судлари судья ҳамда ходимлари иштирокида ўтказилган бу галги “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирига вилоятда юксак маънавияти ва меҳнати билан ҳурмат қозонган, обрў-эътиборга эга бўлган нуронийлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони ва бошқа бир қанча давлат мукофотлари соҳиби Кенжа Ортиқов ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби, суд фахрийси Султонбой Раҳмановлар таклиф этилди.
Учрашувда нуронийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб беришди. Айниқса, ҳам машаққатли, ҳам шарафли бўлган судьялик касбида ҳалол ишлаш ҳамда инсонларни рози қилишда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди. Шунингдек, тадбирда узоқ йиллардан бери шу соҳада ишлаб келаётган судьялар ҳамда ёш судья ва ходимларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди. Суд тизимидаги бугунги ислоҳотлар, судьялар учун яратилган шароитлар ва вилоят судларининг одил судловни таъминлашдаги фаолияти фахрийлар томонидан ижобий баҳоланди. Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Уч авлод вакиллари иштирокидаги бу галги учрашув ва унда айтилган насиҳатлар ҳам вилоят судларида фаолият олиб борувчи судья ва ходимлар учун касбида, турмуш тарзида ибрат бўлиши аниқ.
Вилоятимизда аҳолининг мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режага асосан Тупроққалъа туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда суд, прокуратура, ИИБ, Адлия, солиқ органларининг вилоят ва туман миқёсидаги раҳбарлари ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди. Қабул жараёнларида жиноят ишлари бўйича туман суди раиси И.Исмоилов ва фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси С.Каримовлар аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Мурожаатлар асосан, апелляция шикоятини бериш ва мулкий низолар каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби тушунтирилди. Мурожаатларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилди ва қолганлари қонун доирасида ўрганиб чиқиш учун назоратга олинди.
Хоразм вилоят судида 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда вилоят судининг раиси ўринбосарлари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси У.Бакдурдиев ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Маткаримов, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси М.Қурбонов ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси Т.Юсуповлар маъруза қилиб, судлар томонидан ўтган даврда кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили хусусида маълумот беришди.
Маълумот ўрнида, жиноят ишлари бўйича туман(шаҳар) судлари томонидан 2024 йил 6 ойи давомида 1 минг 161 нафар шахсга нисбатан 948 та жиноят иши кўрилиб, 975 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Биринчи инстанция судларида 2 киши оқланган. 5 нафар шахс апелляция, 1 нафар шахс эса кассация инстанциясида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан жиноят ишлари тугатилган. Мазкур даврда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 10 минг 796 та фуқаролик ишлари ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 12 минг 626 та иқтисодий ишлар кўрилган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида судларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 4 минг 603 та мурожаат келиб тушган ва уларга тегишли тартибда жавоблар берилган. 2024 йилнинг биринчи ярмида Урганч туманлараро маъмурий суди томонидан жами 463 та иш кўрилган, шундан 171 та қаноатлантирилган. Вилоят маъмурий суди ва Урганч туманлараро маъмурий судида ҳокимликларнинг 60 та қарори ҳақиқий эмас деб ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган. Анжуман якунида журналист ва блогерларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан тадбиркорларни яқиндан таништириш мақсадида Шовот туманида вилоят маъмурий суди томонидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда вилоят маъмурий судининг раиси Ж.Султанова, Урганч туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Кушиев, туман ҳокими ва прокурори ҳамда бошқа туман миқёсидаги тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, тадбиркорларнинг мурожаатларини эшитишди.
Очиқ мулоқотда судьялар бугун долзарб ҳисобланган масалаларга ҳам тўхталиб, қонунчилигимизда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ёки мулкдорлар ҳуқуқини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг қатъий жавобгарлиги белгилаб қўйилганлиги ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, иштирокчиларга маъмурий судларда кўриладиган ишлар тоифаси, даъво ариза бериш муддати ва тадбиркорлар қайси ҳуқуқлари бузилса маъмурий судга мурожаат қилиши мумкинлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шу ернинг ўзида тадбирколарнинг судга доир ва бошқа масалалари ҳам ўрганилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Хоразм вилоят маъмурий суди