Вилоят судларининг 6 ойлик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
Хоразм вилоят судида 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда вилоят судининг раиси ўринбосарлари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси У.Бакдурдиев ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Маткаримов, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси М.Қурбонов ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси Т.Юсуповлар маъруза қилиб, судлар томонидан ўтган даврда кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили хусусида маълумот беришди.
Маълумот ўрнида, жиноят ишлари бўйича туман(шаҳар) судлари томонидан 2024 йил 6 ойи давомида 1 минг 161 нафар шахсга нисбатан 948 та жиноят иши кўрилиб, 975 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Биринчи инстанция судларида 2 киши оқланган. 5 нафар шахс апелляция, 1 нафар шахс эса кассация инстанциясида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан жиноят ишлари тугатилган. Мазкур даврда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 10 минг 796 та фуқаролик ишлари ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 12 минг 626 та иқтисодий ишлар кўрилган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида судларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 4 минг 603 та мурожаат келиб тушган ва уларга тегишли тартибда жавоблар берилган. 2024 йилнинг биринчи ярмида Урганч туманлараро маъмурий суди томонидан жами 463 та иш кўрилган, шундан 171 та қаноатлантирилган. Вилоят маъмурий суди ва Урганч туманлараро маъмурий судида ҳокимликларнинг 60 та қарори ҳақиқий эмас деб ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган. Анжуман якунида журналист ва блогерларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.