Тупроққалъада фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди
Вилоятимизда аҳолининг мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режага асосан Тупроққалъа туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда суд, прокуратура, ИИБ, Адлия, солиқ органларининг вилоят ва туман миқёсидаги раҳбарлари ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди. Қабул жараёнларида жиноят ишлари бўйича туман суди раиси И.Исмоилов ва фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси С.Каримовлар аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Мурожаатлар асосан, апелляция шикоятини бериш ва мулкий низолар каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби тушунтирилди. Мурожаатларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилди ва қолганлари қонун доирасида ўрганиб чиқиш учун назоратга олинди.