Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан семинар ўтказилди

Хоразм вилоят маъмурий судида мажбурий ижро бюросининг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди. Унда асосий масала суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўлди. Семинарда вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султанова “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, суд қарорларини вақтида ижро этмаганлик учун жавобгарлик борлигини тушунтирди.

Мулоқотларда ижрога юборилган суд ҳужжатларининг МИБ туман бўлимлари томонидан қайтарилиш сабаблари ва электрон база бўйича айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилди. Урганч туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Кушиев ўз маърузасида биринчи инстанция судида 2023 йилнинг 6 ойида Мажбурий ижро бюроси қарор ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича кўрилган оммавий низолар жами 39 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилнинг 6 ойида бу кўрсатгич 43 тани ташкил қилганлиги ҳамда судларда бу тоифадаги аризалар сони кўпайганлигини айтиб ўтди. Якунда ижро самарадорлигини ошириш, иш сифатини яхшилаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда суд қарорлари ижросининг вақтида таъминланишига тўсқинлик қилаётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этишга келишиб олинди.