Судьялар чекка маҳаллаларда ҳам аҳоли билан мулоқот ўтказишмоқда

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида вилоят маъмурий судининг судьяси Д.Юсупов ва Урганч туманлараро маъмурий суди судьяси И. Шомуротовлар Янгиариқ туманининг “Янгиер” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида ўтган мулоқотларда асосий мавзу жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби ҳамда “Манфаатлар тўқнашув тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш бўлди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлари ҳам маърузачилар эътиборидан четда қолмади. Мулоқотларда фуқаро ва кадастр органлари ўртасидаги низоларнинг судда кўриш таҳлили ва бу тоифадаги низоларнинг олдини олиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилиб, иштирокчиларнинг мазкур йўналишдаги фикр-мулоҳазалари эшитилди. Учрашув давомида иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигида Хоразм вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Тадбир давомида 46 нафар фуқаронинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 16 таси жиноят, 18 таси фуқаролик, 6 таси иқтисодий ҳамда 6 таси маъмурий судловга оид мурожаатларни ташкил этди. Шундан 28 та оғзаки мурожаат ва 18 та ёзма ариза қабул қилинди. 28 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 18 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Шу куни тақдимнома ва илтимосномалар асосида жазо ўтаётган 6 нафар шахс жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан 1 нафар фуқаронинг мурожаати асосида Жиноят кодексининг 122-моддаси билан боғлиқ иши кўрилиб, алимент пуллари тўлиқ ундириб берилди ва тарафлар яраштирилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан юридик фактни тасдиқлаш ҳақидаги 4 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган беш нафар вояга етмаган фарзанди бўлган икки оила яраштирилди. Сайёр қабулда мурожаатлари ечим топган 7 нафар фуқаро Хоразм вилоят судлари фаолияти юзасидан Олий суд раиси номига ёзма ташаккурнома билдирди.

Мустақиллик байрами арафасида судья ва суд ходимлари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари иштирок этган тадбирда Олий суд раиси Б.Исламов барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этиб, суд тизимида “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилганини эътироф этди. Шундан сўнг Республика бўйича бир гуруҳ суд фахрийлари, судья ва ходимлар мазкур кўкрак нишони билан тақдирландилар. Қувонарлиси, бундай юксак мукофотга Хоразмдан суд фахрийси Қадам Каримов, вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султановалар лойиқ деб топилдилар. Мукофотланганларга кўкрак нишонлари вилоят суди раиси томонидан топширилди. Шунингдек, тадбирда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Бобур Солаев Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси Мурод Ҳасановнинг ва фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси Дилшод Ҳасановнинг ота-оналарига Судьялар олий кенгашининг ташаккурномаси эълон қилинди. Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят суди раиси Ш.Камолов сўзга чиқиб, барча судья ва ходимларни мустақиллик байрами билан муборакбод этди. Шундан сўнг, вилоят суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ судьялар ва суд тизими ходимларини рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра одил судлов фаолиятини амалга оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали фаолияти учун судья ва ходимлар вилоят суди раисининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Skip to content