АЁЛ СУДЬЯЛАР  ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ ЭШИТИШНИ ХОНҚАДАН БОШЛАШДИ

“Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи опа-сингилларимизни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати билан таништириш мақсадида Хоразм вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султанова бошчилигида аёл судьялар томонидан вилоят Халк қабулхоналари билан ҳамкорликда Хонқа туманида учрашув ўтказилди.

Учрашувда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича  судьяси М. Юлдашева,  Урганч туманлараро иқтисодий суди раиси Н. Аллаберганова, жиноят ишлари буйича Урганч  шахар суди судьяси Д. Пулатова, жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди раиси М. Хасанова ҳамда туман оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошлиғи Н.Машариповалар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мавжуд имтиёзлардан тўлақонли фойдаланиш каби мавзуларда маъруза қилишди. Иштирокчиларнинг муаммоли масалалари эшитилиб, алимент, оилавий низолар, бандлик ва уй-жой билан боғлиқ мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий масалаҳатлар берилди.

ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДИ ТОМОНИДАН УЧ АВЛДО УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Ҳар бир соҳанинг ўз устаси, етук мутахассислари бор. Ана шундай фидойи инсонларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна бўлиши лозим.

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий суди томонидан вилоят юридик техникумида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” фахрий судьялар ва ўрта авлод судьялари ҳамда ҳуқуқий йўналишда таҳсил олаётган ёшларни бир жойда бирлаштирди.

Тадбирда узоқ йиллар вилоятда судьялик лавозимларида ишлаган, бугун кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари ўз тажрибаси ҳамда амалиётида учраган зиддиятли вазиятларни ўқувчилар билан ўртоқлашишди. Устозлар томонидан касбнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидланди.

Мулоқотларда мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар, Судьялар олий мактаби фаолияти ва судьяликка номзодларни шакллантириш ҳақида сўз юритилди. 

– Суд тизими, судьялик лавозимининг масъулияти катта, у ерда адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни юзага чиқарадиган инсонларгагина жой бор. Сабаби, суд давлат номидан қарор қабул қилади шунинг учун судя чуқур билим ва малакага эга бўлиши керак. Сиз ёшлар ҳозирдан билим олишни биринчи ўринга қўйишингиз лозим, – деди “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Саломат Маматова.

Уч авлод учрашувида ёш судья ва ўқувчиларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлар тушунтирилди.

Тадбир якунида ўқувчилар Судьялар олий кенгаши томонидан нашр эттирилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти”  ва “Уч машхур ўзбек аёли” китоблари билан таништирилди ҳамда китобнинг бир нусҳаси энг фаол ўқувчига совға қилинди.

Хоразм вилоят судлари томонидан уч ойда 3 нафар фуқаро оқланди

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида брифинг ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарларии Улуғбек Бакдурдиев,  Атабек Маткаримов, Илёс Тешаев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султоновалар йўналишлар бўйича ахборот беришди.

2022 йилнинг ўтган уч ойида вилоят судларида жами 1 минг 411  та жиноят, 4 минг 520 та  фуқаролик, 1 минг 298 та иқтисодий, 332 та маъмурий ва 5 минг 372 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 33 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 194 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 3 нафар фуқаро оқланган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 142 та ёки 34,5 % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич фуқаролик ишлари бўйича судларда 1 минг 524 та яъни 27,7 %ни, иқтисодий ишлар бўйича судларда  492 та, яъни 37,9 % ни ташкил этган.

Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 135 таси ёки  40,7 %и сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 171 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 99 таси қаноатлантирилган.

Вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан ўтган уч ой ҳолатига тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 258 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 20,3 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

Алоҳида тўҳталиб ўтиш лозим, кўриб тамомланган жиноят ишлардан 66 нафарини ёки 12,2 фоизини аёллар, 13 нафарини ёки 2,4 фоизини вояга етмаганлар, 24 нафарини ёки 4,4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича судларда одам савдоси бўйича 3 та, коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича 53 та иш кўрилиб, айбдорларга тегишли жазолар тайинланган.

ҲИМОЯ ОРДЕРИНИ МЕНСИМАСЛИК ОҚИБАТИ

Юртимизда аёлларга яратилаётган имкониятлар, гендер тенглиги масаласида эришилаётган ютуқларни юқори баҳоласак арзийди. Аммо хотин-қизларнинг аввало ожиза эканлигини унутмаслигимиз лозим. Нозик ҳилқат вакиллари ҳар доим оиласи, яқинларининг ҳимоясига муҳтож бўлади. Афсуски баъзида ўзин эр биладиган эркаклар оиласидаги аёлларни ҳимоя қилиш ўрнига, ўзи бош бўлиб ҳақоратлаш ва хаттоки калтаклашгача боришмоқда.
Хива туманида яшовчи вояга етмаган Нафосат Қодирова(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг туман ИИБ томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун бериладиган ХV 0001175-сонли ҳимоя ордери бўлишига қарамай ичкиликни касб қилган отаси ва амакиси унга руҳий зўравонлик ўтказишда давом этган.
Жабрланувчи судга мурожаат қилиб, отаси унга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар қилишни, ҳақоратлашни давом эттираётганини ва амакиси жанжал кўтариб, ўлдиришини айтиб таҳдид қилганлигини маълум қилди. Албатта, ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган аёл бу каби ҳолатга жим қараб туролмайди.
Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида томонилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаси эшитилиб қарор қабул қилинди. Унга кўра Ш. Қодиров ва Ж. Қодировларнинг тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармасликда ифодаланган ҳуқуқбузарлиги суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2061-моддаси билан тўғри малакаланган деб ҳисобланди.
Суд айбланувчиларнинг оилавий, моддий аҳволини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 309, 310, 311-моддаларини қўллаб, МЖтКнинг 2061-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди.
Ш. Қодиров ва Ж. Қодировга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи қийматида қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.
Дилдора Пўлатова,
жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси

ҚАЛБАКИ ПУЛГА ҚИЛИНГАН ХАРИД ЎХШАМАДИ

Тарихга назар солсак пул бирлиги яратилган пайтданоқ қалбаки пулларни ясаш ҳам бошланган. Ҳозирги даврда ҳам дунёда қалбаки пуллар ясаш ва муомалага киритиш жинояти тўхтамаган. Шу сабабли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши жиддий кураш олиб борилади. Кимлардир бу ишни қизиқишдан қилса, яна кимлардир аниқ мақсадда яъни осон пул топиб, тезроқ бойиб кетиш илинжида қилади. Гурланлик Икром Қўлдашев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам А4 форматидаги қоғозга бир неча сониялар ичида чоп этилаётган тайёр пулларга аввал қизиқиш билан қараб, кейин эса фойдаланишни мақсад қилди.

“Қаҳрамонимиз” муқаддам содир қилган жиноятлари учун бир неча бор суднинг қора курсисига ўтирган бўлсада, ўзи учун тўғри хулоса чиқара олмабди. Сабаби навбатдаги жиноятини айнан, олдинги жинояти учун тайинланган жазони ўтаётган вақтида қилди.

Хуллас воқеа бундай бўлган, 2021 йил 30 ноябрь куни Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” АЖда якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи Зайнаб Каримованинг дўконига савдо қилиш учун нотаниш эр-хотин келиб оёқ кийими кўришган ва И.Қўлдашев турмуш ўртоғига ёнидаги долларини сўмга алмаштириб келаман деб чиқиб кетиб, орадан 5-10 дақиқалар ўтиб қайтиб келган, улар дўкондан савдо қилиб бўлгач И.Қўлдашев ёнидан 10.000 сўмлик ва 1.000 сўмлик купюрадаги пуллардан жами 3.600.000 сўмни сотувчига берган.

Харидор эр-хотин сотиб олган нарсаларни олиб чиқиб кетишганидан сўнг, сотувчи аёлда пулларнинг ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилади ва дарҳол ҳали дўкондан узоқлашишга улгурмаган эр-хотиннинг орқасидан бориб “Қалбаки пулларни берибсиз” – деб айтади ҳамда бу ҳақида туман ИИБ ходимларига хабар беради.

Суд жараёнида, И.Қўлдашев 2021 йил сентябрь ойида ўзининг яшаш уйида шунчаки қизиқиш билан ўзига тегишли бўлган рангли принтерда 1.000 сўмлик, 2.000 сўмлик ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулларни оддий оқ қоғозга нусхалаб олганлигини, ушбу пуллар чиройли бўлиб нусхаланганлигини, шундан кейин у 1.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 1425 дона, 2.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 69 дона ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 403 дона нусхалаб, кейин уларни пул шаклида кесиб чиққанлигини, шунда унинг ясаган қалбаки пуллари жами 5.593.000 сўмни ташкил қилганлигини билдирди.

Шунингдек, айбланувчи олдин ушбу пуллардан фойдаланиш мақсади бўлмаганлигини, қалбаки пулларни ёлғиз ўзи ясагани ва турмуш ўртоғининг хабари йўқлигини, кейинчалик пулдан қийналганлиги сабабли фойдаланганини айтди ҳамда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонда эканлигини билдирди.

Албатта, бирорта жиноят жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Икром Қўлдашевга 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ҳикмат Саидов,
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг раиси

Skip to content