“Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи опа-сингилларимизни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати билан таништириш мақсадида Хоразм вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султанова бошчилигида аёл судьялар томонидан вилоят Халк қабулхоналари билан ҳамкорликда Хонқа туманида учрашув ўтказилди.
Учрашувда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси М. Юлдашева, Урганч туманлараро иқтисодий суди раиси Н. Аллаберганова, жиноят ишлари буйича Урганч шахар суди судьяси Д. Пулатова, жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди раиси М. Хасанова ҳамда туман оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошлиғи Н.Машариповалар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мавжуд имтиёзлардан тўлақонли фойдаланиш каби мавзуларда маъруза қилишди. Иштирокчиларнинг муаммоли масалалари эшитилиб, алимент, оилавий низолар, бандлик ва уй-жой билан боғлиқ мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий масалаҳатлар берилди.
Ҳар бир соҳанинг ўз устаси, етук мутахассислари бор. Ана шундай фидойи инсонларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна бўлиши лозим.
Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий суди томонидан вилоят юридик техникумида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” фахрий судьялар ва ўрта авлод судьялари ҳамда ҳуқуқий йўналишда таҳсил олаётган ёшларни бир жойда бирлаштирди.
Тадбирда узоқ йиллар вилоятда судьялик лавозимларида ишлаган, бугун кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари ўз тажрибаси ҳамда амалиётида учраган зиддиятли вазиятларни ўқувчилар билан ўртоқлашишди. Устозлар томонидан касбнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидланди.
Мулоқотларда мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар, Судьялар олий мактаби фаолияти ва судьяликка номзодларни шакллантириш ҳақида сўз юритилди.
– Суд тизими, судьялик лавозимининг масъулияти катта, у ерда адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни юзага чиқарадиган инсонларгагина жой бор. Сабаби, суд давлат номидан қарор қабул қилади шунинг учун судя чуқур билим ва малакага эга бўлиши керак. Сиз ёшлар ҳозирдан билим олишни биринчи ўринга қўйишингиз лозим, – деди “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Саломат Маматова.
Уч авлод учрашувида ёш судья ва ўқувчиларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлар тушунтирилди.
Тадбир якунида ўқувчилар Судьялар олий кенгаши томонидан нашр эттирилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” ва “Уч машхур ўзбек аёли” китоблари билан таништирилди ҳамда китобнинг бир нусҳаси энг фаол ўқувчига совға қилинди.
Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида брифинг ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарларии Улуғбек Бакдурдиев, Атабек Маткаримов, Илёс Тешаев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султоновалар йўналишлар бўйича ахборот беришди.
2022 йилнинг ўтган уч ойида вилоят судларида жами 1 минг 411 та жиноят, 4 минг 520 та фуқаролик, 1 минг 298 та иқтисодий, 332 та маъмурий ва 5 минг 372 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 33 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 194 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 3 нафар фуқаро оқланган.
Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 142 та ёки 34,5 % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич фуқаролик ишлари бўйича судларда 1 минг 524 та яъни 27,7 %ни, иқтисодий ишлар бўйича судларда 492 та, яъни 37,9 % ни ташкил этган.
Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 135 таси ёки 40,7 %и сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 171 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 99 таси қаноатлантирилган.
Вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан ўтган уч ой ҳолатига тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 258 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 20,3 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Алоҳида тўҳталиб ўтиш лозим, кўриб тамомланган жиноят ишлардан 66 нафарини ёки 12,2 фоизини аёллар, 13 нафарини ёки 2,4 фоизини вояга етмаганлар, 24 нафарини ёки 4,4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этган.
Жиноят ишлари бўйича судларда одам савдоси бўйича 3 та, коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича 53 та иш кўрилиб, айбдорларга тегишли жазолар тайинланган.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Хоразм вилоят маъмурий суди